Мәлимлеме ресурс орайы

  Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ёшларимиз ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, уларни баркамоллик сари етаклайдиган, қалбга ёруғлик бахш этадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонликни фарқлашга ўргатадиган, инсониятнинг энг ноёб кашфиёти-китобга қизиқиш ўйғотиш мақсадида олиб бораётган сиёсати ёшларимиз онгида муҳим аҳамият касб этади. Ёшларни илм-маърифат нурларидан баҳраманд этиб, самарали фаолият кўрсатиб келаётган маърифат масканларидан бири қорақалпоқ давлат университети ахборот-ресурс маркази бўлиб ҳисобланади.

Ахборот-ресурс маркази даслаб 1934-йили Тўрткўл шаҳрида Педагогика Институти қошида 2 штат билан кутубхона сифатида ташкил этилган. 1945-йили Педагогика Институти Нукус шаҳрига кўчирилди ва 1976-йили Қорақалпоқ давлат Университети бўлиб қайта ташкил этилди.

  1976-йили университет очилган даврда кутубхона фондида 24 минг нусха китоб бўлиб, 24 та ходим ишлаган.

  1990-йили кутубхона махсус қуриб битирилган, майдони 2730 кв.м. бўлган, 580 одамга мўлжалланган, 5 та ўқув залига эга  тоза бинога кўчиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2006-йил 20-июндаги «Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида»ги  қароридан сўнг ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2006-йил 26-декабрдаги 295-сонли буйруғига асосланиб, фундаментал кутубхона қорақалпоқ давлат университети ахборот-ресурс маркази деб қайта номланди.

Ахборот – ресурс марказининг таркиби қўйидаги 5 та бўлимдан иборат:

  1. Илмий-услубий ва ахборот-маълумотлар (даврий нашрлар) бўлими
  2. Ахборот-кутубхона ресурсларини бутлаш, каталоглаштириш ва тизимлаштириш бўлими
  3. Ахборот-кутубхона ресурслари билан хизмат кўрсатиш бўлими
  4. Электрон ахборот ресурслари бўлими
  5. Хорижий ахборот-кутубхона ресурслари билан ишлаш бўлими

2016-йили ахборот-ресурс маркази биноси реконструкция қилиниб, 3 млрд.сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Ҳозирги кунда ахборот-ресурс маркази республика ахборот кутубхона тизими фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро Кенгашнинг қарорига мувофиқ намунавий ахборот-кутубхона муассасаси бўлиб ҳисобга олинган. Ахборот-ресурс марказининг китоб фонди  доимий равишда фойдаланувчиларнинг талаб, таклиф, қизиқиш ва эҳтиёжлари бўйича ҳар йилда адабиётлар билан тўлдирилиб борилади

Ҳозирги кунда ахборот-ресурс маркази фондида   512576 нусхадан зиёд адабиётлар жамланган бўлиб, шундан дарслик ва ўқув қўлланмалар  329398,  электрон дарслик, ўқув ва услубий қўлланмалар  32807, илмий адабиётлар  94420,   бадиий адабиётлар 34718, ижтимоий сиёсий маънавий-маърифий адабиётлар 50863 нусхани ташкил этади

АРМАТ автоматлаштирилган электрон каталоглар базасига 59282 номдаги ўқув адабиётларининг библиографик ёзуви киритилган. Ахборот-ресурс марказининг «Электрон кутубхона» сайти http://elibrary.karsu.uz га  ўқув ресурсларининг электрон вариантлари, китоблар каталоги, ахборот-ресурс маркази янгиликлари ва бошқа да маълумотлар киритилиб борилади.

Президентимиз Ш.М Мирзиёевнинг 2017-йил 13-сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сонли қарорида  халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш,  миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, фарзандларимизда болаликдан бошлаб китоб, жумладан, электрон китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш, жамиятимизда мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этиш, ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, фондларни услубий, техник адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш, ахборот-кутубхона ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш вазифа этиб белгиланди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида ахборот-ресурс марказида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. «Китобхонлар клуби» ташкил этилиб, ижтимоий фаол ёшлар жалб этилмоқда. Фондни маҳаллий вақтли нашрлар, бадиий адабиётлар билан тўлдириб бориш борасида республика нашриётлари билан ҳамкорлик ривожланмоқда. 2017-йилда фондни янги адабиётлар билан бойитиш мақсадида 10 млн.сўм маблағ ажратилди.